Иссиқ жон иситмасиз, бўлмайди, дейди халқимиз. Бундай пайтда фуқаронинг ишдан, ўқишдан қолиб даволаниши ёки тоби қочган фарзандини парваришлаши учун давлат томонидан зарур шароитлар яратилади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси — буни тасдиқловчи ҳужжат туридир.
Хўш, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси кимларга, қанча муддатга ва қайси талаблар асосида берилади? Уни расмийлаштириш тартиби қандай?
Юнусобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шоира Абдусаттарова ушбу саволларга батафсил жавоб берди:
— Бу ҳужжат шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўлувчи ҳужжатдир, — дейди Ш.Абдусаттарова. — Ўз навбатида, у орқали вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритилади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тиббий муассаса томонидан (мурожаат қилган ёки даволанган жойдаги) расмийлаштирилади.
Бунинг учун фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, шунингдек, сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилиши каби ҳолатлар асос бўлади.
Масалан, фуқаро юқоридаги ҳолатлар қайд этилганда, ҳудудий оилавий поликлиника (оилавий шифокор пункти)га электрон регистратура орқали мурожаат қилади. Агар саломатлиги бирламчи тиббиёт муассасасига чиқиш имконини бермаса, оилавий шифокорни уйига чақиради.
Оилавий поликлиникада меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, касаллик турига қараб, илк мурожаат қилинганда, 5 кундан 7 кунгача очилиши мумкин.
Бунинг учун оилавий шифокор беморни шахсан кўрикдан ўтказиб, 025-шаклдаги маълумотномани тўлдиради ва тегишли электрон базага меҳнатга лаёқатсизлик варақасини киритиб, бўлим бошлиғига онлайн режимда юборади.
Масъул, ўз навбатида, ҳужжатнинг асослигига ишонч ҳосил қилгач, уни тасдиқлайди. Бу ҳақдаги маълумот беморнинг ишхонасида ҳам электрон база орқали кўриниб туради.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилиши билан беморнинг қайта кўрикка келиш куни белгиланади. Унгача хасталик турига қараб, тегишли текширувлардан ўтиши ва тиббий таҳлиллар топшириши зарур.
Агар беморнинг аҳволи қайта кўриккача оғирлашса, шифокорни уйга чақиради ёки оилавий поликлиникага қайта мурожаат қилади. Шундан сўнг керакли таҳлиллар текширилади ёки мурожаат қилувчи тор соҳа мутахассиси кўригига йўналтирилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси эса ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб бир йўла бир юз йигирма олти календарь кунига расмийлаштирилади.
Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда туғуруқ муассасаси томонидан яна ўн тўрт календарь кунига қўшимча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Амбулатория шароитида 14 ёшдан катта беморни парваришлаш учун эса боланинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига 14 кундан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилиши белгиланган.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси амбулатор шароитда даволаниш учун кўрсатма бўлмаган, маст ҳолатда келган, хусусий клиникалар ёки режали равишда санаторийларда саломатлигини тиклаш истагидаги шахслар учун очилмайди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан юртимизнинг барча ҳудудларида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларини фақат электрон шаклда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилган.
Тизимга киритилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўғрисидаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” (my.gov.uz) ахборот тизими ҳамда “UZASBO” дастурий таъминотига электрон шаклда юборилади.