Ўзбекистонда электр, иссиқлик, газ ва водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Бу ҳақда 2026 йил 11 март куни қабул қилинган ЎРҚ–1121-сонли қонунда белгиланди.
Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди.
Эндиликда бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 30 бараваригача жарима қўлланилади. Илгари эса жарима миқдори фуқаролар учун 10–15 баравар, мансабдор шахслар учун 20–25 баравар этиб белгиланган эди.
Шунингдек, электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш учун жарима миқдори БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача этиб белгиланди ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, агар шахс мазкур ҳаракатни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этса, у БҲМнинг 30 бараваридан 75 бараваригача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач кучга киради.