Россия чегарачилари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг телефонларида террористик ва экстремистик ташкилотлар, шунингдек, радикал каналларга обунани аниқлаган тақдирда, уларга мамлакат ҳудудига киришга рухсат берилмаяпти. Бу ҳақда 20 дан ортиқ суд ҳужжатларига таяниб ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
"Яна бир неча шахс Украинапараст каналларга обуна бўлгани, шунингдек, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатларини қораловчи ёзишмалари борлиги аниқланган. Баъзилар чегарани кесиб ўтишдан олдин мессенжерлардаги ёзишмаларини тозалашга ҳаракат қилган", дейилади хабарда.
" 2024 йил март ойида Crocus City Hall концерт залида содир этилган терактдан кейин Россия чегарасида хорижликларни текшириш кучайтирилди. Терактни содир этишда гумон қилиниб, Тожикистон фуқаролари қўлга олинган", дея қайд этди ТАСС.
Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир ярим йил ичида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ фуқаролари Россияга кириш тақиқи устидан шикоят қилишга уринган, бироқ судлар барча ҳолларда рад этишни асосли деб ҳисоблаган.