Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, “Ўсимлик дунёсини объектларидан фойдаланишни назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-банди “Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ўсимлик дунёсидан фойдаланишни назорат қилиш тартибини белгилайди” тарзида таҳрир қилинди. Шунингдек, “Ҳайвонот дунёсидан фойдаланишни назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-банди ҳам “Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳайвонот дунёсидан фойдаланишни назорат қилиш тартибини белгилайди” дея ўзгартирилди.
Бундан ташқари, “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ягона Низом 68–71-иловалар билан тўлдирилди. 68-иловада ёввойи ўсимликларни, уларнинг қисмларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ўсимликларни, уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқиш учун рухсатнома паспорти, 69-иловада ёввойи ҳайвонларни, уларнинг қисмларини, шунингдек, яшаш фаолияти маҳсулотларини олиб кириш ва олиб чиқиш учун рухсатнома паспорти, 70-иловада йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция (CITES) I, II ва III иловаларига киритилган ҳайвонлар турлари ва ўсимликлар турлари намуналарини олиб кириш ва четга олиб чиқиш учун рухсатнома паспорти, 71-иловада эса ер усти табиий сув оқимларидан сув олиш учун сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатнома паспорти ҳақида батафсил маълумот берилган.