FedEx логистика компанияси АҚШ Халқаро савдо судига Трамп маъмуриятига қарши даъво аризаси киритиб, президент апрел ойида Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун (IEEPA) асосида жорий этган бож тўловларининг тўлиқ қайтарилишини сўради.
20 феврал куни АҚШ Олий суди президент Доналд Трампнинг IEEPA қонуни бўйича бож жорий этиш ваколатлари етарли эмаслигини тасдиқлади ва у томонидан белгиланган божлар ноқонуний, деган қарорга келди. Бироқ Олий суд ҳукумат божлар ҳисобидан олинган даромадларни қайтариши ҳақидаги масалани кўриб чиқмади.
Трамп бу қарорни "шармандали" деб атади ҳамда Олий суд "чет эл манфаатлари таъсири остида" эканини билдирди. АҚШ молия вазири Скотт Бессент суд қароридан сўнг яқин вақт ичида маблағларни қайтариш эҳтимоли паст эканини таъкидлади.