Бугун 9 январь, 2026 йил, жума

O'ZB

Экология қўмитаси сўнгги кунлардаги ҳаво ифлосланиши юзасидан баёнот берди

Экология қўмитаси сўнгги кунлардаги ҳаво ифлосланиши юзасидан баёнот берди

Сўнгги кунларда мамлакатимизда ҳарорат инверсияси билан боғлиқ ноқулай метеорологик шароитлар оқибатида ҳаво сифатининг пасайиши кузатилмоқда. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кундузги ва кечки ҳаво ҳароратининг айрим ҳолларда 14 градусгача кескин фарқ қилиши, туман тушиши, шамол тезлигининг пасайиши ифлослантирувчи моддаларнинг атмосфера ҳавосида тарқалишини қийинлаштирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Махсус комиссия ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ, экологик ҳолат юзасидан аҳолига мунтазам ахборот бериш билан бирга тегишли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирмоқда. Бугунги кунда Махсус комиссия эътибори саноат ва хўжалик субъектларида экологик рейдлар ва назорат тадбирларига қаратилган. Ноқулай об-ҳаво шароитида атмосфера ҳавосига антропоген (яъни инсон фаолияти) юкламани камайтириш учун корхоналар қувватлари чекланмоқда ва айримларининг фаолияти тўхтатилмоқда.

Хусусан, 1–7 январь кунлари Тошкент шаҳридаги 12 та ва Тошкент вилоятидаги 22 та ишлаб чиқариш корхонасида текширувлар ўтказилди ва таъсирчан чоралар кўрилди. Атмосфера ҳавосини ифлослантирган ўнлаб автотранспорт воситаларига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.

Шу билан бирга, профилактик чоралар ҳам амалга оширилмоқда: ташлама манбалари устидан мониторинг кучайтирилди, атмосфера ҳавоси сифати тезкор баҳолаб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, ноқулай метеорологик шароитлар 16–17 январь санасига қадар сақланиши кутилмоқда. Антициклонлар келиши натижасида ёғингарчилик кузатилиши ва шамол тезлиги ошиши билан атмосфера ҳавоси сифати нормаллашуви кутилмоқда.

Ҳарорат инверсияси қисқа муддатли ва олдиндан прогноз қилинадиган метеорологик ҳодиса бўлиб, бу даврда давлат ташкилотлари кучайтирилган режимда иш олиб боради ва ифлосланишни юмшатиш учун синовдан ўтган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Махсус комиссия томонидан экологик рейдлар ва мониторинг тадбирлари инверсия якунлангач ҳам давом эттирилади. Кўрилаётган барча чоралар юзага келган хавфларни минималлаштириш ҳамда аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Барча чора-тадбирлар илмий асосланган тавсияларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириб келинмоқда.

Киритилди: 12:10 08.01.2026. Ўқилди: 497 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!