Европа Иттифоқи Украинага 2025 йилнинг январидан ойига 1,5 миллиард евро миқдорида ёрдам беради.
Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кайя Каллас 27 ҳамжамият мамлакати ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Январдан бошлаб биз ойига 1,5 миллиард евро берамиз”, деди у.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, ЕИ қиш охиригача жами 75 минг украиналик аскарни тайёрлаш ниятида.
Каллас яна бир бор Украинага ёрдам ЕИ учун устувор вазифа бўлиб қолаётганини ва Брюссел Россия билан бўлажак музокараларда Киев позицияси мустаҳкам бўлиши учун ҳамма нарсани қилиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, у Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазирлар йиғилишида масофадан туриб қатнашганини ва фронтдаги “оғир вазият” ва Киев эҳтиёжлари ҳақида маълумот берганини айтди.