Брюссел бош вазир Виктор Орбаннинг Россиядан энергия импортига қарши қўшимча санкцияларга қўйган ветосини бекор қилишга уринаётгани сабабли, Европа комиссияси Венгрияга ажратилган 550 миллион евро миқдоридаги ЕИ маблағларини тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Financial Times (FT) 19 сентябр, жума куни манбаларга таяниб хабар берди.
FT'нинг қайд этишича, Европа Иттифоқи фақат бир овоздан янги санкцияларни қабул қилиши мумкин. Айни пайтда, Европа Иттифоқида Россия нефтининг сўнгги импортчилари бўлган Венгрия ва Словакия янги ташаббусларни тўсиш ва хусусан, Россияга қарши янги чораларга вето қўйиш билан бир неча бор таҳдид қилган.
2022 йилда Европа комиссияси Венгрияга умумевропа дастурлари доирасида ажратилган тахминан 22 миллиард еврони музлатиб қўйди. Келтирилган сабаблар орасида суд мустақиллиги, қочқинлар ҳуқуқлари ва академик эркинлик билан боғлиқ хавотирлар бор эди. Европа Иттифоқи маблағларни музлатишдан Будапешт сиёсатига таъсир қилиш воситаси сифатида фойдаланган.