Агар Венгрия санкцияларни узайтиришга вето қўйса, Европа Иттифоқи миллий қонунларга мурожаат қилади, деб Financial Times манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Россиянинг музлатилган 190 миллиард еврога яқин активлари Белгиянинг Euroclear депозитарийсида сақланаётган. Санкциялар бўлмаса, компаниянинг активларни сақлашни давом эттириш учун ҳуқуқий асоси қолмайди ва "маблағлар эртаси куниёқ Россияга ўтиб кетади," дея газетага номаълум амалдор маълум қилган.
Иккинчи жаҳон уруши давридаги Белгия фармони қиролга мамлакатдан активларни олиб чиқишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини беради. Шундай қилиб, бу алоҳида давлат даражасидаги ветони айланиб ўтиш имконини беради.
Қирол Филипп маъмурияти у билан ушбу масала муҳокама қилинган-қилинмаганини ошкор этишдан бош тортди. Қирол саройида таъкидланишича, бундай фармон монарх томонидан имзоланиши лозим бўлса-да, унинг учун жавобгарлик ҳукумат зиммасида бўлади.
Белгия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари Будапешт билан Россияга қарши санкцияларни узайтириш бўйича келишувга эришиш умидида. ФТ манбаларидан бири таъкидлашича, агар Брюссел 1944 йилги фармонни қўлласа, бу Россия ва Белгия ўртасидаги икки томонлама инвестиция келишувини бузади.
Санкцияларни яна олти ойга узайтириш учун Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари бу қарорни маъқуллашлари шарт.