Бу ҳақда Reuters хабар берди.
"Қўшма Штатларда минглаб одамлар президент Доналд Трамп ва унинг маъмурияти олиб бораётган сиёсатга қарши No Kings (“Қиролларга ўрин йўқ”) шиори остидаги оммавий норозилик намойишларига чиқди. Ташкилотчилар мамлакатнинг барча 50 штатда бир вақтнинг ўзида 3200 дан ортиқ тадбир ўтказилишини эълон қилди", дея хабар бермоқда агентлик.
Асосий норозилик акциялари Нью-Йорк, Лос Анжелес, Вашингтон ва Миннеаполис шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, намойишчиларнинг учдан икки қисми йирик шаҳар марказларидан ташқарида тўпланиши кутилмоқда.
Митинг иштирокчилари кўчаларга “Қиролларга ўрин йўқ”, “Трампни тўхтатинг, демократияни сақлаб қолинг”, “Трамп ақлдан озди”, “АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизматини тугатинг”, “Бошқа урушлар бўлмасин” каби плакатлар кўтариб чиқишган.
Нью-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймснинг таъкидлашича, у ва бугун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига қўшиладиган минглаб одамлар демократия ҳимояси учун курашмоқда.
"Биз қонун устуворлиги, тийиб туриш ва мувозанат тизими ҳамда ҳокимият халққа тегишли экани ҳақидаги фундаментал ғояга асосланган миллатмиз. Айни дамда бу тамойиллар синовдан ўтмоқда", — дея фикр билдирди прокурор.