Бу ҳақда Axios хабар берди.
Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича вакили Кая Каллас Қўшма Штатларни Россиянинг Украинадаги уруши сабабли босимни кучайтиришга тайёр эмасликда айблади, деб хабар бермоқда нашр ўз манбаларига таяниб.
Манбаларнинг таъкидлашича, "G7" ташқи ишлар вазирлари учрашувида у АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога Вашингтоннинг бир йил олдинги Москвага нисбатан босимни оширишга тайёрлиги ҳақидаги ваъдасини эслатган.
"Орадан бир йил ўтди, аммо Россия ҳеч қандай қадам ташламади. Сабр косангиз қачон тўлади?" — деган Каллас.
Бунга жавобан Рубио овоз кўтарган: "Биз урушни тўхтатиш учун имкон қадар ҳаракат қиляпмиз. Агар сиз буни яхшироқ уддалаймиз деб ўйласангиз, марҳамат. Биз йўл берамиз".
Axios суҳбатдошларига кўра, Марко Рубио ва Кая Каллас тортишувни бартараф этиш мақсадида мажлисни қисқа вақтга тўхтатишган.
Учрашувдан сўнг Рубио АҚШ ва Европа ўртасида тушунмовчиликлар борлигини рад этди. "Ҳеч ким бақираётгани, овоз кўтараётгани ёки салбий гаплар айтаётгани йўқ", – деди у.