Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливан Швециядан Avinode компаниясига нисбатан чора кўришни ва жиноий иш қўзғатишни талаб қилди. Ўтказилган журналистик суриштирув шуни кўрсатдики, ушбу компания Россия элитасига қўйилган тақиқларни айланиб ўтиб, Европага шахсий авиапарвозларни ташкил қилишда ёрдам берган. Avinode шахсий самолёт эгалари ва брокерлар ўртасида воситачи вазифасини бажаради.
Маълумотларга кўра, Россия авиаброкерлари чекловларни айланиб ўтиш учун Туркия, Кипр ва БААда фирмалар очиб, ушбу платформа орқали ишлашда давом этган. Компания вакиллари эса хизматлардан аслида ким фойдаланаётганидан хабари бўлмаганини ва якуний келишувлар платформадан ташқарида тузилишини айтиб, ўзларини оқламоқда.
Бироқ журналистлар ўзларини санкцияга тушган россияликнинг вакили сифатида таништириб, рус брокерларидан парвоз таклифларини олишга муваффақ бўлишди. Бу жараёнда брокерлар Avinode тизимидан фойдаланишини тасдиқлашган.