"Агар биз 13 йилдан бери янги аъзоларни қабул қилмаётган бўлсак, бу камчиликлар Европа Иттифоқи томонидан ҳам ўтганини кўрсатади. Ва бугун биз уларни енгиб ўтмоқчимиз", – деди Германия канцлери Черногориянинг Тиват шаҳрида бўлиб ўтаётган ЕИ Ғарбий Болқон саммитида.
Ҳозирги вақтда айнан Черногория Европа Иттифоқига аъзоликка энг истиқболли номзод ҳисобланади, у музокаралар олиб борилаётган 33 та кластердан 18 тасини ёпиб бўлган. Унинг Евроиттифоққа қўшилиши 2030 йилга бориб амалга ошиши кутилмоқда.
Олий даражадаги учрашувда Европа Иттифоқининг барча 27 та давлати раҳбарлари ва ҳукумат бошлиқлари, ЕИ асосий институтлари раҳбарлари ҳамда Ғарбий Болқоннинг олтита давлати етакчилари иштирок этмоқда.
Улар нафақат саммит мезбони Черногорияни, балки аллақачон номзодлик мақомига эга бўлган Албания, Босния ва Герцеговина, Шимолий Македония, Сербия ҳамда 2022 йил декабрида ЕИга аъзо бўлиш учун ариза топширган Косовони ҳам Евроиттифоққа қабул қилиш истиқболларини муҳокама қилмоқдалар.
Саммитда Мерцдан ташқари Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам Ғарбий Болқон давлатларини Европа Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлишидан олдин қандай қилиб интеграция қилиш мумкинлиги бўйича ўз янги таклифларини билдирди. У бу давлатларнинг катта геосиёсий аҳамиятга эга эканлигини — жумладан, миграция йўналишларини назорат қилиш масаласида муҳим рол ўйнашини таъкидлади.