Европа Иттифоқи давлатларининг элчилари икки россиялик миллиардер — Алишер Усмонов ва Михаил Фридманга нисбатан санкцияларни бекор қилиш таклифини муҳокама қилишда давом этади.
Душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган учрашувдаги манбаларнинг хабар беришича, минглаб бошқа россияликлар санкциялар рўйхатида қолиши шарти билан ушбу икки тадбиркорни шахсан санкция рўйхатидан чиқариш масаласи деярли ҳал қилинган эди. Бироқ душанба куни кечқурун европалик дипломатлардан бири журналистларга масала сешанба куни яна муҳокама қилинишини айтди.
Дипломатлар таъкидлашича, ушбу икки миллиардернинг тақдири Россиянинг минглаб жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан санкцияларни яна уч йилга узайтириш бўйича кенг қамровли келишувнинг бир қисми ҳисобланади. Бу одатдаги 6 ёки 12 ойлик узайтириш муддатидан анча узоқ.
Айрим ЕИ давлатларининг ҳайрати ва норозилигига қарамай, Франция шу ой бошида Словакияга қўшилиб, Россия ва Ўзбекистон фуқаролигига эга миллиардер Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилди. Кейинчалик Люксембург ҳам россиялик Михаил Фридманни рўйхатдан чиқаришни талаб қилди.