Европа Иттифоқи мигрантлар оқимини камайтириш ва уларнинг иттифоқ ичкарисига кириб боришини чеклашга қаратилган кенг кўламли миграция ислоҳотини ишга туширди.
DW хабарига кўра, эндиликда бошпана бериш аризалари энг кўп рад этиладиган давлатлар (жумладан, Россия, Туркия, Эрон ва Покистон) фуқаролари тўғридан-тўғри ЕИнинг ташқи чегарасидаги махсус марказларда текширувдан ўтказилади.
Ариза топширилгандан бошлаб депортация қилингунга қадар бўлган бутун жараён 12 ҳафтадан ошмаслиги керак бўлиб, унгача мигрантларнинг мамлакатлар бўйлаб эркин ҳаракатланиши тақиқланади. Янги қоидалар Греция, Италия ва Испания каби мигрантлар биринчи бўлиб кириб келадиган давлатлар масъулиятини оширади ва уларга ёрдам бериш учун аъзо мамлакатлар ўртасида мажбурий бирдамлик механизмини жорий этади.
Бироқ Полша ва Венгрия мигрантларни тақсимлашда иштирок этишдан бош тортган бўлса, Германия ўз тизими ҳаддан ташқари юклангани сабабли қўшимча бошпана изловчиларни қабул қилмаслигини билдирди.
Германия Ички ишлар вазири Александер Добриндт ушбу ислоҳотни "бурилиш нуқтаси" деб атаган, бироқ экспертлар кўплаб давлатлар ўз фуқароларини қайтариб олишни истамаслиги сабабли депортация жараёни барибир асосий муаммо бўлиб қолишини таъкидламоқдалар.