Бугунги кунда гиёҳванд моддаларнинг мамлакатимизга олиб кирилиши ва савдосига қарши қатъий чоралар кўриляпти. Гиёҳванд моддаларнинг инсоният учун қанчалик зарарли эканлигини барчамиз яхши биламиз. Унинг савдоси билан шуғулланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бироқ билатуриб, бу жиноятга қўл ураётганлар учраётгани барчамизни хушёрликка чорлайди.
Хусусан, Тожикистон Республикаси фуқароси Курбонзода Шероз давлат чегарасининг Тошкент вилояти Бекобод туманидан ўтадиган қисмидан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда ўтган вақтида ДХХ ЧҚ ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинди.
Унга тегишили бўлган 2 та хўжалик қопи кўздан кечирилганда, 24 та ўрам борлиги аниқланди.
Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда 5 кг. 9 гр. героин, 17 кг. 259 гр. опий ҳамда қарийб 2 кг. гашиш моддалари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида “Ш.Қ.”нинг ушбу ноқонуний ишига алоқадор бўлган 2 нафар маҳаллий фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинди.