Дунёнинг 44 мамлакатидан жамланган 114 та Қуръони карим мусҳафи Таксим жомеси Маданият ва санъат марказида “Олтин ҳарфлар: 114 мусҳафи, ягона калом” номли кўргазмаси доирасида санъат ихлосмандларига намойиш этилмоқда. Кўргазма Ислом тарихининг турли даврларида ёзилган мусҳафлар орқали оятлар асосида шаклланган маънавий ва концептуал олам билан таништиради.
Кўргазманинг бош координатори Абдуллоҳ Диде Шентурк АА мухбирига берган интервюсида, ушбу мусҳафлар ўзи кўнгилли сифатида фаолият юритадиган “mynameislam” платформаси тўпламига мансублигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, турли мамлакатлардан сафарлар давомида жамланган мусҳафлар коллекцияси ноёб асарлар билан бойитгач, Қуръондаги 114 та сурага мос равишда 114 мушафни 114 тушунча билан боғлаш ғояси пайдо бўлган.
“Кўргазма 114 мусҳаф, 114 тушунча ва 114 сура ғоясига асосланган. Бу ерда намойиш этилган ҳар бир мусҳаф муайян бир сура билан боғланиб, ўша суранинг мазмунини ифодаловчи энг муҳим тушунча билан талқин этилган. Яъни ҳар бир суранинг асосий ғояси ажратиб олиниб, уни сура билан боғлаган ҳолда мусҳаф олдига жойлаштирдик”, - дейди Шентурк кўргазмадаги ҳар бир мусҳаф ўзига хос эканини таъкидлаб.
Кўргазмадаги энг қадимги асар 1698 йилда Гамбургда лотин тилида чоп этилган “Ал Cорани” мусҳафи бўлиб, у Ғарб дунёсида Қуръоннинг илк босма тарихи ҳақида маълумот беради. Шунингдек, тери муқовали, қўлёзма ҳолида сақланган, тахминан 140 йиллик Чад мусҳафи турли минтақаларда Қуръон ёзув анъаналарининг давомийлигини намоён этади. Ислом тарихининг энг муқаддас меросларидан бири сифатида эътироф этиладиган ва Ҳазрати Усмонга тегишли бўлган Мусҳаф-и Шериф ҳам кўргазмада ўрин олган.
Бундан ташқари, ироқлик машҳур хаттот Ибнул Баввоб қаламига мансуб мусҳаф, Миср ва Судандан келтирилган қўлёзма асарлар, Шайх Ҳамдуллоҳ, Аҳмад Караҳисари ва Шакарзода Саййид Меҳмед каби буюк хаттотларнинг нуфузли асарларининг факсимиле нусхалари ҳам кўргазмада намойиш этилмоқда. Африкада болалар Қуръонни ёдлаш учун фойдаланадиган “лўҳ” деб номланган ёғоч тахталар, Мисрдан келтирилган фируза ва турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган, “Фалақ”, “Нос” ва “Ихлос” суралари битилган уч қисмли ноёб буюм ҳам кўргазмадан жой олган. Витриналарда эса ноёб, кичик ҳажмдаги мусҳафлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти қўлёзма ҳолида ва терига ёзилган мусҳафлардир.
Кўргазмада турк, усмонли ва эрон хаттотлари билан бир қаторда, араб мамлакатлари ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан келган хаттотларнинг асарлари ҳам тақдим этилган. Жумладан, Босния ва Андалусия хаттотлик мактабларига мансуб асарлар, шунингдек, 10 жилддан иборат Истанбул Қуръони ҳам бор.
114 та мусҳафнинг ҳар бири ўз даврининг эстетик қарашларини акс эттиради ва “Калом ўзгармас, аммо уни ифодаловчи шакллар эса замон билан ўзгаради” деган ҳақиқатни ёдга солади.
“Султон Аҳматда доимий кўргазма очишни режалаштиряпмиз”
Шентурк яқин келажакда Султон Аҳматда “Қуръон музейи” номи остида доимий кўргазма ташкил этиш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди. Ушбу лойиҳа доирасида хорижий меҳмонлар учун ҳидоят тушунчаси марказга олиниб, 33 сура асосида 33 асосий тушунча ёритилади. Кўргазма, айниқса, исломни кейинчалик қабул қилганларнинг иймон билан боғлиқ саволларига жавоб беришга қаратилган бўлади.
Маълумот ўрнида, кўргазма 17-январ соат 20:00 га қадар давом этади.