«Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик»,
— деди Президентимиз.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистрал каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни тежаш имконини беради.
Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам йирик лойиҳалар бошланади.
Пойтахтимиз, вилоят марказлари ва шаҳарларда «яшил» ҳудудларни кўпайтириш учун суғориш ва дренаж тизимларини қайта тиклаш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун 160 миллион долларлик йирик дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар қурилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.