Бугун 12 октябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Дунёда 733 миллион киши очликдан қийналмоқда

Дунёда 733 миллион киши очликдан қийналмоқда

Дунёда ҳамон 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда, уларнинг аксарияти Африка минтақасида яшайди. Бу ҳақда Welthungerhilfe хайрия ташкилотининг Берлинда ўтказилган «Очарчилик индекси» ҳисоботида сўз маълум қилинди.

Дунёнинг 36 та давлатида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолат «жиддий», олтитасида эса «ўта жиддий» дея таърифланмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қуролли можаролар, хусусан, Судандаги фуқаролик уруши, глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари таъсир кўрсатяпти.

Ҳисоботда келтирилишича, очликдан эркаклардан кўра кўпроқ аёллар азият чекмоқда.

«Дискриминацион меъёрлар ҳамда зўравонлик уларнинг ресурсдан фойдаланиш ва инқирозларни енгиш қобилиятини чеклайди. Уларнинг имкониятларини ошириш боши берк кўчага кириб қолган очликка қарши курашда муҳим туртки бўлиши мумкин», – деб ёзади германиялик мутахассислар.

Welthungerhilfe президенти Марлен Тиме (Marlehn Thieme) жаҳон ҳамжамиятини очлик муаммоларини ечишга етарлича эътибор қаратмаётганликда айблади. Хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 800 миллиондан ортиқ инсон очликдан қийналган.

2023 йилда Тиме Германия федерал бюджетидан ривожланиш ва гуманитар ёрдам учун ажратиладиган маблағлар қисқартирилишини танқид қилганди.

Welthungerhilfe раҳбарининг сўзларига кўра, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Agenda 2030 дастури ва БМТ эълон қилган барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 мақсад — узоқ муддатли истқиболда очликни енгиш учун яхши стратегиядир, аммо унинг амалга оширилиши учун «сиёсий ирода ва бирдамлик» керак.

Таъкидланишича, Германия хайрия ташкилоти 2022 йилда бутун дунё бўйлаб 603 та лойиҳа доирасида 37 давлатдаги 18,8 миллион инсонга ёрдам кўрсатган. Ҳисоботга кўра, Welthungerhilfe ихтиёрида 341,2 миллион евро, шу жумладан, 97,6 миллион евро хайрия маблағлари бўлган. Бундан ташқари, Германия ҳукумати ва Европа Иттифоқидан грантлар ажратилган.

Киритилди: 21:45 11.10.2024. Ўқилди: 213 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!