Шанба куни Зеленский Украина кучлари Россия билан чегарадош Курск вилоятида Шимолий Кореянинг икки ярадор аскарини қўлга олганини айтди.
Бу Пхенян Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун қўшин юборганидан сўнг, Киев биринчи марта Шимолий Корея аскарларини тириклайин қўлга олганини эълон қилгани бўлди .
Зеленскийнинг сўзларига кўра, асирлар “зарурий тиббий ёрдам” олишмоқда ва улар Киевдаги Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) ҳибсхонасида.
Шимолий Корея Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун Россияга 12 мингга яқин аскарини юборганига ишонилади.
Ўтган ой Жанубий Корея урушда Шимолий Кореянинг 1000 нафар қурбони бўлганини маълум қилган эди .
Зеленский оммавий ахборот воситаларига маҳбуслар билан танишиш имконияти ҳам берилишини айтди. “Дунё содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳақиқатни билиши керак”, деди у.