"2024 йилда глобал ҳарбий харажатлар 2,7 триллион долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга ошди. Бу "совуқ уруш” даври тугаганидан бери кузатилган энг кескин ўсишдир. Мудофаа харажатларининг ошиши тенденсияси кетма-кет ўн йилдан бери давом этмоқда", дейилади Стокголм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIRPI) ҳисоботида.
Энг катта ўсиш Европа ва Яқин Шарқда қайд этилган, бу Украина уруши ва Ғазо секторидаги можаронинг бевосита оқибатидир. Хусусан, Германиянинг ҳарбий харажатлари сезиларли даражада ошиб, ўтган йили 88,5 миллиард долларга етди, бу эса олдинги йилга нисбатан 28% кўпдир. Ҳозирда Германия ҳарбий бюджети ҳажми бўйича дунёда АҚШ, Хитой ва Россиядан кейин тўртинчи ўринда туради.
Украина ва Россия ҳам рекорд даражада мудофаа харажатларини амалга оширди. Украина ўтган йили ўз ЯИМининг 34 фоизини мудофаа учун ажратди. Россия эса ўтган йили ҳарбий харажатларини ЯИМининг 7,1% даражасигача оширди, бу 149 миллиард долларни ташкил этди ва мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 38% кўпроқдир.