Айрим телеграм каналларда Давлат тест маркази томонидан янги тест топшириқлари тўпламлари нашр этилгани тўғрисида маълумотлар эълон қилинди. ДТМ ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Давлат тест маркази томонидан «Давр пресс» нашриёти билан ҳамкорликда 2019 ва 2020 йилларда умумтаълим фанларидан тест топшириқлари тўпламлари чоп этилган бўлиб, 2021 йилда тест топшириқлари тўпламлари чоп этилмаган.
«Абитуриентлар 2021-2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида фойдаланилган тест топшириқлари билан Давлат тест марказининг e-DТМ тизими (@e_dtm_bot телеграм боти) орқали онлайн тарзда ва my.dtm.uz сайти орқали диагностик тест материалларига буюртма берган ҳолда танишишлари ҳамда ўз билимларини синаб кўришлари мумкин», дейилади хабарда.
Ўз навбатида, ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов бу китобларни чиқараётганларга қонуний чора кўрилишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бу бўйича тегишли органларга мурожаат қилинади.