Агентлик хабарига кўра, Россиянинг Ил-20 разведка самолёти Болтиқ денгизи устида транспондери ўчирилган ҳолда ва парвоз режаси тақдим этилмаган ҳолда учаётган бўлган, шу боис NATO қўмондонлиги буйруғига биноан Германиянинг Росток-Лаге авиабазасидан икки дона Eurofighter қирувчи самолёти ҳавога кўтарилди.
DPA'нинг маълум қилишича, бу йил бошидан буён Болтиқ денгизи устида Германия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларининг ўнчи марта фавқулодда ҳолатда ҳавога кўтарилиши бўлди.
"Сўнгги пайтларда Болтиқбўйи минтақасидаги вазият жосуслик уринишлари ва эҳтимолий қўпорувчилик ҳаракатлари сабабли кескинлашмоқда. Россия разведка самолётлари бир неча бор Калининграддан учиб чиқиб, Болтиқ денгизи соҳилларида жойлашган NATO мамлакатларининг, хусусан Полша, Германия, Дания ва Швециянинг ҳарбий фаоллиги ҳақида маълумот тўплашга ҳаракат қилган", дея ёзмоқда DPA.