Рақобат қўмитасининг “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар қўмита масъул ходимлари томонидан батафсил ўрганилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 878 та улгуржи чакана дорихоналар томонидан жами 107 773 та ҳолатда истеъмолчилардан 7 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағлари ортиқча олингани аниқланди. Натижада, белгиланган тартибда истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилди.
Хусусан, 405 та дорихоналар томонидан дори воситаларига белгиланган нархларни ошириб қўллаш натижасида 58 318 та ҳолатда жами 2 млрд. сўмга яқин олинган асоссиз пул маблағлари истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилган.
Бундан ташқари, дори воситаларининг нархлари оширилиши юзасидан тўғридан-тўғри фуқаролардан 800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларни кўриб чиқиш натижасида 100 млн. сўмга яқин пул маблағларининг истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланган.