Дональд Трамп Флоридадаги қароргоҳида тантанали кечки овқатда нутқ сўзлади ва йиғилган тарафдорларига миннатдорчилик билдирди.
Тадбир Трамп сиёсатини тарғиб қилиш мақсадида 2021 йилда ташкил этилган Аmerica First Policy Institute (AFPI) томонидан ўтказилди.
"Ҳеч ким биз бундай ғалаба қозонишимизни билмас эди, бу катта натижа бўлди", — деди Трамп Мар-а-Лаго қароргоҳида йиғилган тарафдорларига.
Трамп кўплаб меҳмонларга, жумладан Аргентина президенти Хавер Милей ва АҚШ Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонга, шунингдек, сўнгги пайтларда доимо Трампнинг ёнида бўлган бизнесмен Илон Маскга миннатдорчилик билдирди.
"Маск бу жойни яхши кўради, уни бу ердан ҳайдаб чиқара олмайман. Мен ҳам унинг шу ерда бўлишини яхши кўраман", — деди сайланган президент.
Трамп нутқи сўнггида Россиянинг Украина билан уруши тугаши кераклигини ва январ ойида президентлик лавозимига киришганида бу масала ўзи учун устувор вазифа бўлишини айтди.