Президент томонидан “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари истеъмоли натижасида жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаб бериш ишларини тезлаштириш бўйича тегишли топшириқ берилди.
Шунга асосан давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилди. Шу тариқа бугунга қадар 88 нафар жабрланувчига жами 80 миллиард сўм, шу жумладан, вафот этган 72 нафар бола оилаларига 72,2 миллиард сўм, даволанган ва даволанаётган 16 нафар бола оилаларига эса 7,8 миллиард сўм тўланди.
Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгандан сўнг 2 нафар бола оила азоларига ҳам қолган 2 миллиард сўм тўлиқ тўлаб берилади.
Бюджетдан ажратилган 65,2 миллиард сўм маблағ айбдор шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушган ва улардан ундирилган маблағ ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.
Аввалроқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни белгиланган муддатдан чўзилгани сабабли бугунги кунга қадар ушбу маблағнинг 20 фоизи, яъни 16,8 миллиард сўм тўланган, холос. Компенсациянинг қолган қисми эса бир неча йилдан буён тўланмай келган.