Венгрия пойтахти Будапешт шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионати доирасида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Атлетлар комиссияси аъзолиги учун сайлов бўлиб ўтганди.
Унда акредитациядан ўтган спортчиларгина номзодларга овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганди. Комиссия 9 аъзодан иборат: 5 нафари спортчилар, қолган 4 нафари IJF Ижроия қўмитаси томонидан сайланади. Бу йил сайёрамизнинг 5 қитъасидан 20 нафар номзод сайловда иштирок этди.
Овоз бериш якунларига кўра сайланганлар:
Жасмин Мартин (ЖАР) — Африка дзюдо иттифоқи (AJU)
Ким Поллинг (Италия) — Европа дзюдо иттифоқи (EJU)
Рюноскэ Хага (Япония) — Осиё дзюдо иттифоқи (JUA)
Натан Кац (Австралия) — Океания дзюдо иттифоқи (OJU)
Иван Фелипе Сильва Моралес (Куба) — Панамерика дзюдо конфедерацияси (PJC)
Комиссия аъзолари томонидан тасдиқланганлар:
Нора Жакова (Косово)
Хидаят Гейдаров (Озарбайжон)
Диёра Келдиёрова (Ўзбекистон)
Лукаш Крпалек (Чехия)
Яқин кунларда комиссия аъзолари раҳбарни аниқлаб олиш учун сайлов жараёнини ўтказишади.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси учун алоҳида фахр шуки, Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова 2025-2029 йиллар учун IJF Спортчилар Комиссияси аъзолига тасдиқланди. Ўзбекистон дзюдоси тарихида илк Олимпиада чемпионининг Халқаро дзюдо федерациясининг муҳим органларидан бири таркибига киритилиши аҳамиятга молик воқелик.
Бу нафақат Диёранинг фаолияти учун муҳим қадам, балки ўзбек дзюдосининг жаҳон дзюдо ҳамжамиятидаги ўрни ва ролининг ортиб бораётганидан далолат бермоқда.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси Диёра Келдиёровани ушбу муваффақият билан самимий қутлайди. Ишончимиз комил, унинг овози спортчилар манфаатларини халқаро майдонда қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.