Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Женевадаги БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашида сўзга чиқиб, Исроилнинг Эрон ядровий объектларига қилган зарбаларини «жуда оғир ҳарбий жиноятлар» деб атади ва улар радиацион фалокат хавфини келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг таъкидлашича, Исроил 2024 йил 13 июнь куни эрталабдан бошлаб Эронга қарши «турткисиз агрессия» бошлаб, БМТ Низомининг 2-модда, 4-бандини бузган. Арақчига кўра, зарбалар натижасида таътилдаги ҳарбийлар, олимлар ва фуқаролар ҳалок бўлган, турар-жой бинолари, касалхоналар, инфратузилма ва Ташқи ишлар вазирлиги биносига шикаст етказилган.
Арақчи ҳужум АҚШ билан 15 июн куни ўтказилиши режалаштирилган учрашув арафасида содир бўлганини эслатди. «Биз тинч ядровий дастуримиз атрофидаги сунъий баҳсга барҳам берадиган конструктив келишувга яқин эдик», — деди у. Унга кўра, Исроил бу ҳужум билан «дипломатия ва халқаро ҳуқуқ асосларига хиёнаткорона зарба берди».
«Агар ҳозир чора кўрилмаса, БМТ Низомига асосланган халқаро тизим емирилиши мумкин», — деди Арақчи. У ўзини нафақат бутун умрини дипломатияга бағишлаган шахс, балки Саддам Ҳусайн режимига қарши урушда иштирок этган собиқ ҳарбий сифатида ҳам гапираётганини таъкидлади.