Бугун 28 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Датлабки экзитпол таҳлиллари: Исроиль сайловларида аниқ ғалаба қозонган томон аниқланмади

Датлабки экзитпол таҳлиллари: Исроиль сайловларида аниқ ғалаба қозонган томон аниқланмади

Channel 12 телеканалининг экзитпол маълумотларига кўра, Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг «Ликуд» партияси парламент сайловларида 24 та мандат билан пешқадамлик қилмоқда. Бироқ сиёсий лагерларнинг ҳеч бири янги ҳукуматни шакллантириш учун етарли бўлган ўринларни қўлга кирита олгани йўқ.

Эълон қилинган тахминларга кўра, Нетаньяхуга қарши чиқаётган яҳудий партиялари блоги Кнессетда 52 та ўринга, бош вазирни қўллаб-қувватловчи кучлар эса 50 та ўринга эга бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ҳукумат раҳбарига мухолиф бўлган араб партиялари ўз сектори учун рекорд даражадаги 18 та мандатни эгаллаши кутилмоқда. 120 ўринли парламентда кўпчиликни қўлга киритиш учун камида 61 та мандат талаб қилинади.

Экзитпол натижаларига кўра:

  • «Ликуд» (Биньямин Нетаньяху) — 24 та ўрин;

  • «Яшар» марказчи мухолифат партияси (Гади Айзенкот) — 22 та ўрин;

  • «Беяхад» партияси (Нафтали Беннет) — 12 та мандат;

  • Араб «Умумий рўйхати» — 11 та ўрин.

Яққол ғолибнинг йўқлиги томонлар ўртасида мураккаб коалицион музокаралар бошланишини англатади. Парламентда кўпчиликни шакллантириш учун томонлар одатда ҳукмрон коалицияга кирмайдиган араб партияларининг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиши мумкин. Нетаньяху ва Айзенкотнинг иккаласи ҳам ўзларини ғолиб деб эълон қилиши ҳамда президент Ицхак Герцогга ҳукуматни биринчи бўлиб тузиш ваколатини беришни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Агар сиёсий лагерларнинг ҳеч бири коалиция туза олмаса, Исроильда қайтадан парламент сайловлари тайинланиши хавфи мавжуд. Бундай ҳолатда Нетаньяху бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ўз лавозимида қолади. Бу каби сиёсий берк кўча 2019–2022 йилларда ҳам кузатилган бўлиб, ўшанда мамлакатда кетма-кет бешта сайлов кампанияси ўтказилган эди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан овозларни ҳисоблаш ишлари давом этмоқда, расмий натижалар экзитпол кўрсаткичларидан фарқ қилиши мумкин. Комиссия маълумотларига кўра, соат 20:00 га келиб мамлакат бўйича сайловчиларнинг қатнашиши 74,3 фоизни ташкил этган. Тель-Авивда бу кўрсаткич 63,6 фоизни, Қуддусда 62 фоизни, Хайфада эса 59,8 фоизни ташкил қилди.

Киритилди: Бугун 07:32. Ўқилди: 384 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!