Наманган вилоятида бир нечта қоидабузарликлар содир этиб, қилмишини ижтимоий тармоқларга жойлаган ҳайдовчиларга чора кўрилди. Бу ҳақда “БуКун” дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, яқинда бир блогер томонидан содир этилган қоидабузарликлар жамоатчилик эътиборига тушган. У Damas бошқарув вақтида рулга товоқдаги ошни қўйган ва уни еган ҳолда ҳаракатланган.
Шундан сўнг у айнан шу автомобиль ичига офис ва хонадонлар учун мўлжалланган кондиционерни ўрнатиб, шаҳарнинг гавжум кўчаларида ҳаракатланган.
“Қилган хатойим қонунни бузишга ва жаримага сабаб бўлиши айтилди. Машинам жарима майдонига олиб келинди. Машинани ўз ҳолатига қайтардик”, дейди Damas ҳайдовчиси.
Яна бир ҳолатда эса Nexia’нинг баллонларидан бири олиб ташланиб, уч ғилдиракда ҳаракатланилган. Ҳайдовчига нисбатан, маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.