Украинага НАТОга қўшилишдан расман воз кечиш талаб қилиниши мумкинлиги ҳақидаги баҳсли модда америкаликларнинг дастлабки тинчлик режасида энг тортишувли нуқталардан бири эди. CNN манбасига кўра, Флоридада Украина ва АҚШ делегациялари ўртасида ўтган сўнгги музокараларда бу масалага нисбатан «муқобил ечим» муҳокама қилинган.
Манбанинг айтишича, муҳокама қилинган янги сценарийга кўра, Украина мамлакат конституциясида белгилаб қўйилган НАТОга интилишидан расман воз кечишга мажбур этилмайди. Россия талаб қилаётган тақиқ Киев иштирокисиз, НАТОга аъзо давлатлар ва Москва ўртасида икки томонлама ёки кўп томонлама келишув орқали ҳал қилиниши мумкин.
«Украина юридик жиҳатдан расман воз кечишга мажбурланмайди», – дейди CNN манбаси.
Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ ёки НАТО Россия билан муайян кафолатлар бўйича келишув тайёрласа, бу Украина ҳукуматини қарор қабул қилиш жараёнига жалб қилишни талаб этмайди.
Манбанинг таъкидлашича, масалага ҳали нуқта қўйилмаган ва у барибир Украина президенти билан келишилган ҳолда қабул қилиниши керак. Шу билан бирга, Вашингтон ва Киев музокаралари давом этаётгани, шу жумладан президент Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Москвага ташрифи арафасида «Киевнинг қизил чизиқларини четлаб ўтишга имкон берадиган креатив ечимлар» изланаётгани қайд этилган.
CNN маълум қилишича, музокаралардаги иккинчи асосий зиддиятли масала – Кремлнинг бутун Донбасс ҳудудини Россияга берилишини талаб қилиши. Манбанинг таъкидлашича, бу бўйича муҳокамалар ҳали ҳам давом этмоқда ва ўз ечимини топмаган.