Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар бермоқда.
Суданнинг ҳарбий ҳукумати Москвага 25 йиллик ҳамкорлик келишуви тузишни таклиф қилган, бу келишув Қизил денгиз бўйида рус ҳарбий базасини ташкил этишни назарда тутади, деб хабар беради газета.
Таклифга кўра, Россия Судан ҳудудида 300 нафаргача ҳарбий хизматчи ва тўрттагача ҳарбий кемани, жумладан “атом” кемаларни жойлаштириши мумкин.
Базани Порт-Суданда ёки ҳозирча номи ошкор қилинмаган Қизил денгиздаги бошқа бир жойда ташкил этиш таклиф этилган.
Бундан ташқари, Судан ҳукумати Россияга мамлакатдаги кончилик консессияларига кириш имконини ҳам бермоқда. Судан Африкада олтин қазиб олиш бўйича 3-ўринда туради.
Манбаларнинг айтишича, бунинг эвазига Судан Россиядан илғор ҳаво мудофааси тизимлари ва бошқа қурол-аслаҳаларни имтиёзли нархларда олишни хоҳламоқда.