Тожикистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) билан афғон чегарасида қўшма патруллик қилиш учун россиялик ҳарбийларни жалб этиш имкониятини муҳокама қилмоқда, деб ёзди Reuters ўз манбаларига таяниб.
Ўтган ҳафта давомида Афғонистон томонидан ўққа тутилиши оқибатида Хитойнинг Тожикистонда ишлаётган беш фуқароси ҳалок бўлди, шунчаси яраланди. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 1 декабр куни республика куч тузилмалари раҳбарлари билан ишчи йиғилиш ўтказди, унда Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарадаги вазият ва унинг қўриқланишини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Республика Хавфсизлик кенгашидаги манбанинг Reuters агентлигига айтишича, КХШТ кучларини жалб қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинмаган ва кўриб чиқилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия томони билан тожик-афғон чегарасини биргаликда патрул қилиш учун Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий базасини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
«Биз ҳозирча (КХШТ билан) музокаралар олиб бормоқдамиз ва улар кўриб чиқиш босқичида», деди манба ва қарор шу ҳафта ичида қабул қилинишини истисно этмади.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги Reuters манбалари Россия билан 201-ҳарбий базани чегарани биргаликда қўриқлашга жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади. Агентлик суҳбатдошларига кўра, гап 201-базанинг авиация гуруҳини жалб қилган ҳолда вертолёт патрул хизмати ҳақида кетмоқда.
Россиянинг Тожикистондаги базаси 2000-йилларнинг бошига қадар тожик-афғон чегарасини қўриқлаш билан шуғулланган, унинг узунлиги 1 344 км бўлиб, тоғли ҳудудлардан ўтади. 2000-йилларнинг бошидан бери Тожикистон чегарани мустақил равишда қўриқлайди.
Ҳозир КХШТ аъзолари сони олтита - Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Беларус, Қозоғистон ва Арманистон.