Пентагон Эрон билан уруш харажатлари 29 миллиард долларга етганини даъво қиляпти, аммо экспертлар асл харажатлар миқдори анча юқори эканидан огоҳлантирмоқда.
Гарвард Кеннеди мактаби эксперти Линда Билмеснинг ҳисоб-китобларига кўра, феврал ойи охирида бошланган ушбу низо якунда АҚШ солиқ тўловчиларига камида 1 триллион долларга тушади.
Таққослаш учун, Пентагон икки ҳафта олдин харажатларни 25 миллиард доллар деб баҳолаган эди, бироқ техникаларни таъмирлаш ва алмаштириш харажатлари туфайли бу рақам тез орада 29 миллиард долларгача кўтарилди.
Билмеснинг тушунтиришича, уруш харажатлари доимо кутилганидан кўпроқ бўлади. Қисқа муддатли харажатларга қимматбаҳо ракеталар, авиаташувчи гуруҳларни сақлаш ва йўқ қилинган самолётлар билан дронларни алмаштириш киради.
Масалан, захирадаги "Tomahawk" ракетасини янгисига алмаштириш ҳозирда унинг дастлабки қийматидан анча қимматга тушмоқда. Узоқ муддатли истиқболда эса ҳарбий объектларни тиклаш ва минтақадаги 55 минг аскарнинг ижтимоий таъминоти учун улкан маблағ талаб этилади.
Бундан ташқари, давом этаётган низо жаҳон бозорида энергия нархларининг ошишига олиб келди, унда нефт нархи баррелига 100 доллардан юқори сақланиб қолмоқда, АҚШда эса бензин нархи рекорд даражага — бир галлон учун 5 долларга етиши кутиляпти, дейилади хабарда.