Дунёнинг айрим мамлакатларидаги чойхўрлик ҳақида сўз юритамиз.
Чой – аввалига беморларни даволашда дори сифатида ишлатилган. Оммавий тарзда истеъмол қилиш эса Тан сулоласи даврида бошланган. Хитойда чойнинг бир неча тури бор. Хитойликлар асосан кўк, сариқ ва улун деб номланган чойни хуш кўришади. Қора чой ҳам севиб истеъмол қилинади, аммо кўпроқ экспортга чиқарилади.
“Осмон ости мамлакати”да чой илиқ ҳолда ичилади. Чойга шакар ва бошқа маҳсулотлар қўшилмайди. Чунки қўшилган бошқа маҳсулотлар чой таъмини бузар экан. Хитойликлар учун чой кундалик истеъмол қилинадиган ичимлик сифатида кўрилади. Бундан ташқари, чой билан боғлиқ бир қатор анъаналар мавжуд. Унга кўра, хитойликларда чой кичиклар томонидан пиёлаларга қуйилиб катталарга узатилади. Оилаларда 3 литргача чой қайнатилиб, чинни идишларга дамланади. Хитойда турли кўринишларда чойнак ва пиёлалар тайёрланади.
Японлар асосан кўк чой ичишади. Айрим ҳолларда сариқ чой ҳам ичиб турадилар. Сариқ чой хитойликлар усули билан 2 дақиқагача дамланади. Японлар чойни секин-асталик билан ҳўплаб ичишади. Японияда чой овқатдан аввал, овқат вақтида ва овқатдан кейин ҳам ичилади. Хитойликлардан фарқли равишда японлар чойни иссиқ ҳолда эмас, балки совитиб ҳам ичишади.
Тибетда асосан кўк чой ичадилар. Бир литр сувга 50-75 грамм чой солинади. Тибет чойи инсонни тетик қилиши айтилади. Тибетликлар анъанасига кўра, сутли чой билан меҳмон қилиш меҳмоннавозликнинг олий кўриниши экан.
Таиландликлар аччиқ қизил чойи билан ном қозонишган. Улар чойга сут ва бошқа маҳсулотларни қўшишни яхши кўришади.
Ҳиндистон ва Шри Ланкага чой етиштиришни инглизлар йўлга қўйгани айтилади. Буюк Британия чой масаласида Хитойга қарамликдан қутилиш мақсадида Ҳиндистон ҳудудларида чой етиштиришга қарор қилади. Унга қадар Ҳиндистонда фақат буддавий монахларгина чой ичишган. Бугунги кунда бу икки мамлакат аҳли чой ичиш бўйича йигирмата мамлакат сафига ҳам қўшила олмаган. Ҳиндистонда асосан шимолда истиқомат қилувчи аҳоли чой ичади. Жанубликлар эса асосан қаҳва ичишни афзал кўришади. Ҳиндистон ва Шри-Ланкада чойга албатта шакар ва сут қўшилади.
Шимолий Африка ва Арабистонда ялпиз чой ичилади. Мағриб мамлакатларида чой дамлаш ижтимоий ҳаётнинг муҳим кўринишларидан бири ҳисобланади. Ошхона ишлари билан фақат аёллар банд бўлса, чойни эркакларгина дамлашади. Оила раҳбари шахсан ўзи чой дамлаб, меҳмонларга узатади. Ўз навбатида меҳмонлар уч пиёладан ортиқ чой ичишмайди.
Ғарбий Африкада “Сенегал чойи” деб аталмиш чой жуда ҳам машҳур. “Attaya“ деб номланувчи мазкур чой кўк ва қора чойдан дамланади. Бунинг учун металл чойнакдан фойдаланилади. Чойнакка катта миқдорда чой, шакар, ялпиз барги ва совуқ сув солиниб оловга қўйилади. Қайнаб чиққунга қадар кутилади. Шундан сўнг шиша стаканларга қуйилади. Ўзбекларда чой уч марта қайтарилса, Ғарбий Африкада чой стакандан стаканга бир неча бор солинади.
АҚШда чой қаҳвага нисбатан 25 баробар кам ичилади. Чой асосан Шарқий соҳил бўйидаги штатларда истъемол қилинади. Шунда ҳам қора чой афзал кўрилади. Калифорния ҳам чойхўрлиги билан машҳур. Бу штатда Хитой ва Япониядан харид қилинган кўк чой ичилади. Жанубий соҳилларда муз ва лимон солинган совуқ чой ичилади. Марказий ва Жанубий Америка мамлакатларида чой кенг тарқалмаган. Мазкур минтақаларда чойни эслатувчи мате ўсимлигининг барги анча машҳур. Чой деганда Лотин Америкасида совуқ ичимлик тушунилади.
Авваллари Озарбайжонда қора чой кўп ичилган бўлса, бугунги кунда чойнинг ранги деярли ажратилмайди. Ҳам кўк, ҳам қора чой ичилаверади. Озарбайжон чойхонаси Марказий Осиё чойхонасидан бутунлай фарқланади. Озарбайжон чойхоналарида овқат тортилмайди, фақат чой ичилади ва ширинлик ейилади, холос. Агар совчиларга ширин чой берилса, бу қизларини беришга рози эканликлари англашилади. Чой алоҳида, шакар алоҳида қўйилса, бу рад жавобидир.
Европа қитъасида чой кам ичилади. Европага чой Хитойдан XVII аср ўрталарида португал, голланд ва инглизлар томонидан олиб келина бошланди. Аввалига Европада ҳам даволаш мақсадларида қўлланилган.
Орадан йиллар ўтиб, чой ичиш одатий ҳолатга айланди. Бироқ аввал чой Европада қаршиликларга учраганини айтиб ўтиш керак.
“Кўҳна қитьа”да кўпроқ қаҳва ичилади. Шу сабабли ҳам бу ўлкаларда чой тайёрлаш борасида миллий урф-одатлар деярли йўқ, десак ҳам бўлади. Фақат инглизлар чойни миллий ичимлик сифатида кўришади. Инглизлар узоқ йиллар давомида энг кўп чой ичадиган миллат сифатида тан олиб келинган. Бу мамлакатда бир киши ўртача 2530 грамм чой ичади. Инглизлар бир кунда уч марта чой ичади. Улар чойга сут қўшадилар. Лекин аввал чойга сут қўшиш керакми ёки сутга чой қўшиш керакми, деган саволга ҳамон жавоб топилмаган.
Швецияда қора чой, мева ва гуллар аралашмасидан тайёрланган сёдер чойи машҳур. Бу чой 1979 йилда кашф қилинган. Швейцария қадоқланган совуқ чойнинг ватани ҳисобланади. Швейцария совуқ чой истеъмоли бўйича Европада биринчи ўринда туради. Французлар чой ҳақда 1636 йилда билишган. Германияда чой ҳақида илк бор 1650 йилда маълумотлар пайдо бўлди.
Manba: ЎзА