Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 27 апрель куни темир йўл бекатида юк вагони устига чиққан икки нафар вояга етмаган мактаб ўқувчисини кучли ток урди. Бу ҳақда “Миллар” репортажида маълум қилинди.
Аниқлик киритилишича, ҳодиса Чирчиқ темир йўл бекатининг Нурҳаёт—Қодирия темир йўл изида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йил ва 2014 йилда туғилган вояга етмаганлар темир йўл изида тўхтаб турган юк вагонлари устига чиққан вақтида юқори кучланишли электр токи таъсирига тушган.
Ҳодисадан сўнг жабрланувчилар тез тиббий ёрдам хизмати орқали Тошкент шаҳридаги 16-сонли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига олиб борилган ва шифохонага ётқизилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи ўрта оғир экани, зарур муолажалар олиб борилаётгани айтилди.
Тиббий хулосага кўра, жабрланувчиларга тана юзасининг 25–30 фоизини ташкил этувчи иккинчи ва учинчи даражали куйиш жароҳатлари ташхиси қўйилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент минтақаси темирйўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.