Ижтимоий тармоқларда “Toza Makon-billing” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан 31 октябрь соат 23:50 дан 5 ноябрь соат 23:50 гача профилактика ишлари олиб борилиши сабабли чиқинди учун барча турдаги тўловларни амалга ошириш имкони бўлмаслиги, натижада электр энергияси ҳам ўчирилиши ҳақида хабарлар тарқалган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ хабар беришича, ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Чиқиндидан қарзи борлиги учун электрдан ўчириш тартиби мавжуд эмас.
Аммо Президент фармонига асосан сал бошқачароқ тартиб жорий этилади. Яъни кимнингдир чиқиндидан қарзи бўлса, электр учун тўлов амалга ошира олмайди. Токи чиқиндидаги қарзини тўламагунча, электр ҳисоб рақамингиз учун пул ташлай олмайсиз.
Лекин бу чиқиндидан қарзи борлиги учун тўғридан тўғри «свети» ўчирилади, дегани эмас. Масалан, сизнинг электр ҳисоб рақамингизда 500 минг сўм пул олдиндан тўлов мавжуд, деб тасаввур қилайлик. Ва сиз чиқиндидан ҳам қарздор бўлиб қолдингиз. Лекин бу қарзни тўламаяпсиз. Шунда сиз электр ҳисобингизга пул ташлай олмайсиз. Лекин «светингиз» ўчирилмайди, чунки ҳисобингизда 500 минг сўм пул бор. Ўша пул тугамагунгача ҳеч ким сизнинг «светингизни» ўчирмайди.
Қачонки ҳисобингизда пул тугаб қолса ва сиз чиқиндидаги қарзингизни тўламасангиз, табиийки, шундагина «светингиз» ҳам ўчади. Чунки юқорида айтганимдек, электр ҳисобига пул ташлай олмайсиз.
Чиқиндидан қарзингиз ёпилиши билан, электрга ҳам пул ташлашингиз мумкин бўлади. Бор гап шу.
Мазкур тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан бутун республика бўйлаб чиқиндидан 3 ойлик қарзи бор шахсларга нисбатан жорий этилади. 2025 йил 1 январдан эса чиқиндидан 1 ойлик қарздорларга қўлланади.