Давлат ижрочилари томонидан олиб борилаётган тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида, кўпгина оталар фарзандлари учун алимент эвазига турар-жой ёки мол-мулкларини ҳад этаётган ҳолатлар кўп учрамоқда.
Бу сафар Чимбойлик ота бошқа оталар фарқли ўлароқ ўзи яшаб турган Чимбой туманидаги “Озғара” ОФЙ ҳудудидаги 3 хонали уйни совға қилишни афзал кўрди.
Ҳолатга тўхталадиган бўлсак, Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Д.Г.нинг фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзандларининг таъминоти учун қарздор Ж.Б.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Чимбой туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Жавобгар Ж.Б. алимент тўловларини мунтазам равишда ўз вақтида тўлаб келмаганлиги оқибатида унинг қарзи 45 млн. сўмдан ошиб кетган.
Шу боис унинг жавобгарлик масаласини ҳал этишга қаратилган ҳаракатлар олиб борилган.
Шунинг натижасида, ундирувчи жорий йилнинг 22 сентябрь куни Бюрога келиб, қарздор номидаги Чимбой туманида жойлашган уйни юзага келган 45 млн. сўмдан ортиқ бўлган қарз ўрига олганлигини, шу боис фарзандларининг 18 ёшгача бўлган алимент пулларидан воз кечишини билдириб ариза берган ва ижро ҳаракатлари тугатилган.