Бугунги глобаллашув жараёнида ахборот оқимининг тезлашиши ва кенг тарқалиши ахборот хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, шахсга доир маълумотларни ошкор қилинишини олдини олиш муҳим масалалардан ҳисобланади.
Жиноят кодексининг 141/2-моддасида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Судланувчи А.Х. савдо шаҳобчасида уяли телефон аппаратлари ва аксессуарлари савдоси билан шуғулланиб келиб, тўрт нафар шахслар билан тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона расмийлаштирувини четлаб ўтиш орқали олиб кирилган уяли телефон аппаратларининг IMEI кодларини рўйхатга олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Мобиль воситаларни рўйхатга олиш тизимини тартибга солиш ҳақида”ги 847-сонли Қарори, 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сонли Қарорларида жисмоний шахслар учун белгиланган имтиёзлардан ўзининг ғараз ниятларида фойдаланиб, уяли телефон аппаратларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаши ҳамда уларнинг ҳеч қандай монеликсиз сотилишини қўзлаб, чет давлатга чиққан фуқароларнинг паспорт маълумотларини топиб, улардан фойдаланиб уяли телефон аппаратлари гўёки ушбу фуқаролар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганлиги ҳақида рўйхатга олдиришга эришган.
Уларнинг қинғир қилмиши жазосиз қолмади. Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг ҳукмига кўра икки нафар судланувчига 7.805.000 сўмдан, қолган уч нафарига эса 8.920.000 сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Илёсжон Усмонов
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси
Бобиржон Эргашев
Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг раиси