УЕФА Чемпионлар лигаси ярим финал босқичининг иккинчи учрашуви якунланди. Унда Каталониянинг «Барселона» жамоаси Миланнинг «Интер»сига қарши майдонга тушди. Учрашув Испаниядаги «Олимпик Льюис Компанис» стадионида бўлиб ўтди. Беллашув жанговар дуранг билан якунланди — 3:3.
Ҳисоб учрашувнинг 30-секундидаёқ очилди. «Интер» ҳужумчиси Маркус Тюрам Дензел Думфриснинг узатмасидан сўнг тўпни товони билан дарвозага йўллади. 21-дақиқада Думфрис Франческо Ачербининг узатмасидан сўнг "қайчи" зарба билан жамоасининг устунлигини икки баробар оширди.
Орадан уч дақиқа ўтиб, Ламин Ямаль рақб футболчиларини алдаб ўтиб жарима майдонига кирди ва ажойиб зарба билан ҳисобдаги фарқни қисқартирди. 38-дақиқада эса Ферран Торрес Рафиньянинг узатмасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди.
64-дақиқада Думфрис бурчак тўпдан кейин дублини расмийлаштириб, меҳмонларни яна олдинга олиб чиқди. Голли пас эса Ҳоқон Чалханоғлуга тегишли бўлди. Бир дақиқа ўтиб, 65-дақиқада «Барселона»нинг бурчак тўпидан кейин Рафинья жарима майдони ташқарисидан дарвоза томон зарба берди. Тўп тўсиндан сўнг «Интер» дарвозабони Ян Зоммернинг бошига тегиб, тўрга кирди. Бу гол автогол сифатида Зоммер ҳисобига ёзилди.
3:3 ҳисоби ўйин охиригача сақланиб қолди. Жавоб ўйини 6 май куни Милан шаҳрида бўлиб ўтади.
Чемпионлар лигаси. Ярим финал. Дастлабки ўйин
2025 йил 30 апрель, чоршанба.
«Барселона» (Испания) — «Интер» (Италия) - 3:3
Голлар: 0:1 — Тюрам (1'), 0:2 — Думфрис (21'), 1:2 — Ямаль (24'), 2:2 — Ферран Торрес (38'), 2:3 — Думфрис (64'), 3:3 — Зоммер (65 автогол)