Лондоннинг “Челси” клуби “Кристал Пелас” ярим ҳимоячиси Адам Уортонни ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Бу ҳақда Гоал нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, ёзги трансфер ойнаси ёпилишидан олдин 21 ёшли футболчини сотиб олиш имкони йўқ. Бироқ “Челси” келажакда Уортон трансферини амалга оширишни режалаштирган. Футболчининг ўзи ҳам “аристократлар” сафига ўтишга розилик билдирган. Аммо вақтнинг қисқалиги сабабли у яна бир мавсум “Кристал Пелас”да қолиб, кейинги йил “Челси”га ўтишини маълум қилган.
Аввалроқ ОАВ Мадриднинг “Реал” клуби ҳам Уортонга қизиқаётгани ҳақида ёзганди. Шунингдек, Англиянинг бошқа бир клуби “Ливерпул” ҳам ярим ҳимоячи трансферини ўрганган. “Кристал Пелас” эса футболчини 80 миллион евродан камига қўйиб юбормаслигини билдирган.
Адам Уортон 2024-йил февралидан бери “Кристал Пелас” сафида тўп сурмоқда. Шу вақт мобайнида у барча мусобақалар доирасида 48 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та голли узатма муаллифига айланган. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029-йил ёзигача мўлжалланган. Трансфермаркт портали унинг қийматини 45 миллион еврога баҳолаган.