"Челси" ҳимоячиси Уэсли Фофанага суд ҳукми ўқилди. Футболчига икки йил давомида машина ҳайдаш тақиқланди. Сабаб - йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузиш. Фофана тезлик режимига риоя қилмаган, баъзида 80 км/соатлик чеклов ўрнатилган йўл қисмларида тахминан 145 км/соатгача тезлашган. Ҳаммаси бўлиб, Уэсли саккизта қоидабузарлик учун 47 жарима балли олди, деб ёзади Goal портали Daily Mail'га таяниб.
Уэсли Фофана икки йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинди, шунингдек, жаримага тортилди. Суд харажатларини ҳисобга олган ҳолда жарималарнинг умумий миқдори деярли 7600 фунтни (9000 евро атрофида) ташкил этди. Шу билан бирга, Фофана ўз айбини тан олди.