Бугун 17 март, 2025 йил, душанба

O'ZB

Чегара низолари тугади: СССР мероси тарихга айланмоқда!

Чегара низолари тугади: СССР мероси тарихга айланмоқда!

Собиқ СССР давлатлари чегара можароларига нуқта қўйди. Қирғизистон ва Тожикистон 984 км узунликдаги давлат чегараси бўйича келишув имзолади. Натижада “Қайрағач” ва “Қизил-Бел” назорат-ўтказиш пунктлари қайта очилди, Бишкек–Душанбе ва Бишкек–Хўжанд авиақатновлари тикланди. Музокаралар давомида Қирғизистон баъзи ён босишларга борди, хусусан, Достон қишлоғи тўлиқ Тожикистонга берилди.

Шу билан бир пайтда гeосиёсий майдонда яна бир муҳим воқеа юз берди. Озарбайжон ва Арманистон ҳам тинчлик шартномасининг барча бандлари бўйича келишувга эришди. Ереван Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволарни Конституциядан олиб ташлашга тайёрлигини билдирди. Чегарада учинчи давлат ҳарбий кучларини жойлаштирмаслик шарти ҳам қабул қилинди.

“Биз шартномани тўлиқ таҳлил қилдик ва тўрт йил давом этган музокаралар натижасида шаклланган ушбу муросали вариант Арманистон учун мақбул бўлиши мумкин деган қарорга келдик”, деди Пашинян.

Бироқ, Зангазур йўлаги масаласининг қандай ҳал этилгани очиқланмаган. Ҳужжатнинг қачон имзоланиши ҳам номаълумлигича қолмоқда. Мутахассислар эса шартнома имзоланишига умуман ишониш ёки ишонмаслик борасида турлича фикр билдирмоқда. Лекин шартноманинг барча бандлари бўйича келишувга эришилгани, шубҳасиз.

Экспертлар фикрича, ушбу келишувлар минтақада барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш учун муҳим қадам сифатида кўрилмоқда. Чегара низоларининг ҳал этилиши сармоялар жалб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва тинчликни мустаҳкамлаш имконини беради. Бироқ, сув ресурслари тақчиллиги ҳали ҳануз долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Сиёсатшунослар Совет даврида қасддан яратилган ҳудудий низолар ҳозирги келишмовчиликларнинг илдизи эканини таъкидлашмоқда. Бироқ, ҳозирги тенденсия давлатлар ўзаро низолардан воз кечиб, барқарорлик ва тараққиёт йўлини танлаётганини кўрсатмоқда.

Киритилди: 13:33 16.03.2025. Ўқилди: 2862 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!