Бугун 29 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

CCВ: Травматология марказида тизза бўғимини уникондуляр эндопротезлаш амалиёти йўлга қўйилади

A A A
CCВ: Травматология марказида тизза бўғимини уникондуляр эндопротезлаш амалиёти йўлга қўйилади

Шу йил якунига қадар Тошкентда Ўзбекистон — Хитой халқаро тиббиёт форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу тадбирда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш, тиббий таълим, фармацевтика, IT, халқ табобати каби қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳага дахлдор қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Ана шу форум олдидан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар Хитойнинг Сямэнь шаҳридаги “Double Medical” институтида тизза бўғимини уникондуляр эндопротезлаш бўйича ташкил этилган махсус курсларда иштирок этиб қайтди.

Вакилларимиз дастлаб Сямэнда жойлашган учинчи “Zangzhou Hospital” клиникасида бўлиб, 2 та уникондуляр ва 4 та тизза бўғимини тотал эндопротезлаш операцияларида қатнашди.

Сўнг ўзбек мутахассислари “Double Medical” институтининг эндопротезлар ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан яқиндан танишди.

Институтда тизза бўғими артроспластикаси бўйича ташкил этилган кадавер курслари ҳам қизиқарли амалий машғулотлар билан бошланди. Бу ерда ҳар бир мутахассис учун ажратилган анатомик препаратларда мустақил равишда операциялар бажарилди.

Сямэнь университетининг Чжуншань филиали фаолияти билан танишув ўқув юрти мутахассислари иштирокидаги семинарлар ҳамда инновацион жарроҳлик амалиётларига уланиб кетди.

Ўзбек травматолог ва ортопедларида катта таассурот қолдирган илғор муолажа усулларидан бири “Double Medical”да робот техникаси ёрдамида тизза бўғими артроспластикаси амалиёти бўлди.

Институт бош директори билан ўтказилган мулоқотда мамлакатимизда бу соҳада эришилаётган ютуқлар ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш борасидаги ислоҳотлар ҳақида кенг маълумот берилди.

Якунда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази билан “Double Medical” институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Унга кўра, яқин келажакда, аввало, марказнинг ўзи, кейинчалик унинг ҳудудий филиалларида тизза бўғимининг жароҳатдан кейинги асоратлари ва касалликларида уникондуляр эндопротезлаш операцияларини йўлга қўйишга келишилди.

Шунингдек, хитойлик мутахассислар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш ва марказ мутахассисларини “Double Medical” институтига ўқишга юбориш орқали малакасини ошириш, онлайн ўқишлар ва консультациялар ташкил этиш белгиланди.

Бундан ташқари, йирик бўғимларни эндопротезлашда робот технологиясини жорий этиш тажрибаси мамлакатимизда татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.

Киритилди: 14:41 01.08.2023. Ўқилди: 2247 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!