Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида 2019 йилнинг Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилиниши нафақат молиявий инвестициялар, балки интеллектуал инвестицияларни қўллаб-қувватлаш вазифаларини амалга оширишни ҳам белгилаганди.
Олий таълим муассасалари нуфузини ошириш, нодавлат таълим муассасалари сонини кўпайтириш, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва рақобатни кучайтириш, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини бугун даврнинг ўзи талаб қиляпти.
Шу мақсадда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида Буюк Британиянинг NCUK FOUNDATION консорциуми филиали бўлган NCUK Foundation Tashkent нодавлат таълим муассасасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Буюк Британия қироллигининг расмий вакиллари, мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги, олимлар, мутахассислар ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилнинг январь ойида Буюк Британиянинг British Education халқаро таълим ташкилоти таъсисчилигида Ўзбекистонда ташкил этилган Вritish Foundation Tashkent нодавлат таълим муассасаси томонидан халқаро таълим стандартлари асосида 50 нафарга яқин коллеж, академик лицей ва мактаб битирувчиларига Foundation дастури бўйича таълим бериш бошланди.
Барча ўқув жараёнлари Буюк Британиядан ташриф буюрган малакали мутахассислар томонидан инглиз тилида ўқитилмоқда. Эътиборли томони шундаки, мазкур таълим муассасасида қўшни давлатлардан келган талабалар ҳам таҳсил оляпти.
Талабалар NCUK FOUNDATION дастури асосида инглиз тили, метематика, бизнес ва экономика фанларидан 6 ой давомида билим олади ва Буюк Британиядаги 16та олий таълим муассасаларидан ўзлари хоҳлаган университетларга имтиҳонларсиз имтиёзли ўқишга кириш учун йўлланма берувчи сертификатга эга бўлади.
Буюк Британиядаги British Education халқаро таълим ташкилоти таъсисчилигида Вritish Foundation Tashkent нодавлат таълим муассасаси ташкил этилди ва Ўзбекистонга FOUNDATION дастури жорий этилди, дейди Вritish Foundation Tashkent нодавлат таълим муассасаси директори Феруза Омонова. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда биринчи замонавий ва нуфузли таълим муассасаси ҳисобланади. Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигида қилган маърузасида таълим соҳасида таълим стандартлари ва ўқитиш услубларини илғор хорижий тажрибалар асосида, ўқувчининг индивидуал қобилиятини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ҳамда иқтисодиётнинг реал секторидаги талабни камида 10-15 йил олдин прогноз қилиб, мутахассислар тайёрлаш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлаган эдилар. Бизнинг ушбу таълим муассасамиз ҳам Ўзбекистонга замонавий, рақобатбардош таълимни олиб киришига ишонаман.Тадбир давомида British Education халқаро таълим ташкилоти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Меморандум иқтидорли ёшларимизга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсиясига асосан Вritish Foundation Tashkent нодавлат таълим муассасасида грант асосида ўқиш имкониятини беради.
Manba: kun.uz