Буюк Британия Қироллик ҳаво кучларининг Hawk Т2 ўқув самолёти Шимолий Уэльсдаги Англси оролидаги РАФ Valley авиабазасидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учради. Экипажнинг иккала аъзоси ҳам самолёт қулашидан олдин катапульта қилишга улгурган, деб ёзади The Mirror.
Шимолий Уэльс полицияси маълумотларига кўра, икки учувчи енгил жароҳат олган ва шифокорлар назоратига олинган. Ерда ҳеч ким жабрланмаган, вайронагарчиликлар қайд этилмаган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида ёниб кетган ва қулаган.
Улардан бири парвоз пайтидаёқ двигатель соҳасида аланга чақнаганини пайқаганини айтди.
Қироллик ҳаво кучлари вакили Hawk Т2 ҳалокатини тасдиқлади. Воқеа сабаблари расмий тергов доирасида аниқланмоқда.