2022 йил 13 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Суд амалиётида гендер ёндашуви” мавзусида бошланган тренинг бугун ҳам давом этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши Ҳузуридаги Судьялар Олий Мактаби ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг мақсади суд тизимида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасида ваколатли шахсларнинг салоҳиятини оширишдан иборат.
Ташкил этилган ушбу тадбирда республика судларидан ташриф буюрган судьялар ҳамда Судьялар олий мактаби вакиллари иштирок этишяпти.
— Тренингни тренерлар – гендер тенглиги, ижтимоий-иқтисодий таҳлил бўйича мутахассис Нигар Гаппарова ҳамда USAIDнинг “Ўзбекистонда суд тизимини мустаҳкамлаш” дастурининг гендер ва ижтимоий тенглик бўйича мутахассиси Малика Инакова олиб боришди. Тренинг давомида гендер тенглик ҳуқуқи масаласида халқаро стандартларни муҳокама қилинди ҳамда ушбу соҳада мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлардан яқиндан бохабар бўлдик, - дейди Тошкент туманлараро суди судьяси Нодир Хидиров.
Таъкидлаш жоиз тадбир дастури доирасида қуйидаги масалалар махсус машғулотлар ва интерфаол ўйинларни қўллаган ҳолда атрофлича ўрганилди:
Икки кунлик машғулотлар давомида урғу берилгандек, 2019 йилда дискриминация ёки тазйиққа учраганда судга мурожаат қилишни кўзда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинди.
Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш жамиятда тинчлик ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бирилиги инобатга олган ҳолда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Эътиборлиси, ушбу стратегиянинг барча йўналишлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ равишда шакллантирилган.
Тренинг жараёнида амалиётда аёллар иштирокидаги суд ишларида гендер масалалари таҳлил қилинди ва мазкур йўналишда судьяларнинг амалий кўникмалари мустаҳкамланди.
Тадбир фаол фикр алмашиш шаклида ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.