Германия қуролли кучлари — Бундесвер 3 октябр куни Латвияда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари даврида ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш учун мамлакатга тўртта Eurofighter қирувчи самолётини юборди. Улар Латвияда бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт давомида жойлаштирилади.
DW хабарига кўра, Латвия Мудофаа вазирлиги бу ҳақда 24 сентябр куни маълум қилган. Германиянинг Нойбург-ан-дер-Донау авиабазасидаги 74-тактик авиация эскадрасига қарашли қирувчилар Латвия марказида жойлашган Лиелварде ҳарбий аэродромига ўтказилган.
Самолётлар НАТОнинг бирлашган ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимини қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажаради.
dpa агентлиги қайд этишича, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудуди бир неча бор бузилгани фонида Рига НАТОдаги иттифоқчиларидан ёрдам сўраган.
Латвия бош вазири Андрис Кулбергс X ижтимоий тармоғида Германияга ёрдам беришга тайёрлиги ва яқин ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирган. У бу қадамни НАТО ҳамжиҳатлиги ҳамда Латвия ҳаво ҳудуди ва аҳоли хавфсизлигини ҳимоя қилишга умумий содиқликнинг амалий ифодаси деб баҳолаган.
НАТО Эстония, Латвия ва Литва 2004 йилда алянсга қўшилганидан буён унинг шимоли-шарқий қанотидаги ҳаво ҳудудини қўриқлаб келмоқда.
2026 йил декабридан Германиянинг Eurofighter самолётлари НАТОнинг Air Policing миссияси доирасида Эстония ҳудудидан алянс ҳаво ҳудудини кузатиш вазифасига яна узоқ муддатга киришади.
2027 йил мартигача Эстония шимоли-ғарбидаги Эмари авиабазасида бешта Eurofighter қирувчиси ва уларнинг парвоз экипажлари жойлаштирилиши режалаштирилган.