Қишнинг сўнгги куни Яқин Шарқда бир неча ҳафтадан буён кутилаётган уруш бошланди: 28 февраль тонгида АҚШ ва Исроил Эронга кенг кўламли зарбалар берди.
Теҳрон, Исфаҳон, Қум, Караж, Кирмоншоҳ каби шаҳарларда портлашлар қайд этилган.
Кўп ўтмай, АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошланганини расман тасдиқлади. Трамп Теҳрон ядровий дастурини қайта тиклашга уринганини даъво қилган ва вайронкор урушни “Америка халқини яқинлашиб келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш” мақсади билан оқлаган.
Исроил армияси Эронга шанба кунги ҳужум давомида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий, президент Масъуд Пезешкиён ва бошқа мулозимларни йўқ қилишга уринганини билдирган.
Бир муддат ўтиб, АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужуми оқибатида Эронни 1989 йилдан бери идора этиб келаётган 86 ёшли олий раҳнамо Али Хоманаий ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Вашингтон ва Тель-Авивнинг ҳужумига жавобан Исроил ҳудудига ҳамда Қўшма Штатларнинг Кўрфаз мамлакатларидаги ҳарбий базаларига ҳужум қилган.
Ўзбекистонлик таҳлилчилар Эронга қарши уруш ва унинг оқибатларини муҳокама қилмоқда.
“АҚШ ва Исроилдаги режимлар яна ўзини “дунё ҳаками” сифатида кўрсатмоқда. Ҳеч ким уларга бу ваколатни бермаган. Бир давлат ядровий арсеналга эга бўлиши мумкин, бу – “хавфсизлик”. Бошқа давлат илмий дастур юритса, бу – “таҳдид”. Гуманизм улар учун селектив. Халқаро ҳуқуқ эса қулай пайтда ишлатиладиган инструмент, холос. Бу хавфсизлик эмас. Бу – назорат. Бу – босим. Бу – куч орқали тартиб ўрнатиш уринишидир”, – деб ёзди таҳлилчи С.Пинхасова.
Эрондаги урушнинг сиёсий моҳиятини таҳлил қилган.
“Эрон–Исроил можароси одатдагидек “миллий манфаатлар тўқнашуви” сифатида талқин қилинмоқда. Гўё давлатлар совуқ ҳисоб-китоб асосида, фақат стратегик фойдасини ўйлаб ҳаракат қилаётгандек. Аммо халқаро сиёсатни диққат билан кузатсак, кўп ҳолларда давлатларни ҳаракатга келтирадиган нарса миллий манфаат эмас – режимнинг омон қолиш мантиғидир...
Эрон мисолида зарбаларга жавоб бериш ҳарбий жиҳатдан ҳар доим ҳам манфаатли бўлмаслиги мумкин. Лекин жавоб бермаслик режим учун анча хавфли: у ҳолда ташқи рақиб эмас, ички аудитория режимни ожиз деб қабул қила бошлайди. Авторитар тизимларда куч образи – хавфсизликнинг ўзига айланади. Шунинг учун баъзан эскалация стратегик танлов эмас, балки сиёсий мажбуриятга айланади.
Исроилда ҳам вазият мутлақо ташқи ҳисоб-китоб билан чекланмайди. Давлат хавфсизлиги ҳақидаги сигналлар ички сиёсат билан чамбарчас боғлиқ. Ҳукумат қаттиқ жавоб қайтармаса, бу нафақат рақибларга, балки ўз сайловчисига ҳам заифлик сигнали сифатида кўрилиши мумкин. Демократик тизимда бу – сайлов йўқотиш хавфи; авторитар тизимда эса – элита парчаланиши ва легитимлик хавфи…
Баъзан урушлар давлатлар ғалаба қозониши учун эмас, ҳокимиятлар омон қолиши учун давом этади”, – деб ёзади у.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Исроил бор экан, мусулмон дунёсида тинчлик бўлмайди, чунки Исроилнинг мақсади келишиб, тинч яшаш эмас.
“Исроил ҳеч иккиланмай, бошқа мусулмон давлатларни босиб олишни режа қиляпти. Ва бу йўлдан тўхтамайди. Унинг нияти – яҳудийча дунё тартиботини яратиш. Эпштейнча тартибот ўрнатиш... Кеча Миср эди, Сурия эди, Ливан эди, Ироқ эди, Қатар эди. Бугун Эрон. Эртага Туркия бўлади, Саудия бўлади, Покистон бўлади, Ўзбекистон бўлади, Индонезия бўлади... Эронни “халқи норози”, “диктатура режими” дейишади. Исроилни ўзида халқ Нетаняҳудан розими? Америкаликлар Трампдан тўлиқ розими? Америкаликлар ёки Исроил яҳудийлари йиллаб намойишлар ўтказиб келишади, нега уларнинг режими легитим, Эрон нолегитим?
Исроил бор экан ва АҚШ унинг қўлидаги қўғирчоғи бўлар экан, мусулмон дунёси тинч бўлмайди. Лекин яхши янгилик ҳам бор. Беш йил олдин араблар, мусулмонлар Исроил ва АҚШ борасида яхши гумонда эди. Бугун шу гумондан асар ҳам қолмади. Бироқ ҳали мусулмон дунёсидаги трансформациянинг бошидамиз...
Бу тўлиқ цивилизацион уруш, мақсад – мусулмон дунёсини бўйсундириш, Исроилга қаршилик кўрсатадиган марказларни бирма-бир йўқ қилиш”, – деб ҳисоблайди К.Раббимов.
Таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров Эрондаги ҳарбий ҳолат партизанлик урушига айланиб кетиши мумкин деган фикрда.
“Охирги норозилик ҳаракатлари халқ ҳукумат томонда эмаслигини кўрсатди. Миллий ўзликлар масаласи ҳам бор. Демак, Украинадаги каби халқ қаршилиги бўлмайди. Лекин диний уламолар таъсири кучли вилоятларда партизанлар шаклидаги уруш давом этса керак. Яъни сиёсий парокандалик даври бошланади. Буни АҚШнинг Ливия, Ироқ ва Афғонистон операциялари намойиш қилган. Ва бу биз учун жуда ёмон. Чегараларга яқин давлатда failed state (парокандаликка юз тутган давлат маъносида – таҳр.) пайдо бўлиши ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам транзит муаммоларни кўпайтиради”, – деб ёзади у.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Эрондаги беқарорлик ортидан Ўзбекистоннинг савдо йўллари фалажланишига эътибор қаратган.
“Экспортимиз ва импортимиз бўйича (осонроқ) шимолий йўлимиз бор эди, ҳали ҳам бор, лекин у йўлнинг бир тармоғида (Украинада) уруш бўляпти, бошқа тармоғи бир шантажчи моховлар назоратида.
Жанубда ҳам икки йўлимиз бор эди, ҳарқалай, иккинчиси устида зўр бош қотириб ишлаяпмиз, лекин, аксига олиб, бу янги йўл ўтган икки мамлакат – Афғонистон ва Покистон икки-уч кундан бери аёвсиз урушяпти.
Шимолдаги йўлимиз қийинлашгач, асосий экспорт-импорт “томирлари”миздан бири Эрондан ўтаётганди, лекин шу ҳам тагига олиб турибди шекилли энди – АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлади.
Тавба, учала томонимизда ҳам уруш. Худди атайлаб қилгандек”, – дейди М.Аъзамхўжаев.
Журналист Илёс Сафаровга кўра, Эронга қарши уруш замонавий дунёда куч омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолгани, халқаро ҳуқуқ амалда ишламаётганини кўрсатади. У нега айрим жамиятларда ташқи хавф пайтида халқ ҳокимият атрофида жипслашмайди деган саволга ҳам жавоб излаган.
“Бугунги воқеалар, шунингдек, яна бир нечта жиддий хулосаларни беради.
Биринчидан, давлатлар учун энди нейтралликнинг ўзи етарли эмас. Давлатлар “тинчлик тарафдоримиз” деган позициясини куч билан мустаҳкамламаса, у ташқарида заифлик сифатида қабул қилинади.
Шундай экан, ҳар қандай давлат учун хавфсизлик формуласининг биринчи устуни – барибир адолатли бошқарув бўлиб қолаверади. Қонун устуворлиги, коррупцияга қарши реал кураш, очиқлик ва халқ олдидаги ҳисобдорлик ички барқарорликнинг асоси. Халқ ишончи – энг катта капитал.
Шу пойдевор мустаҳкам бўлса, кейинги масала – илм-фан ва технология. Бу жиҳат ҳам ҳукуматлар учун адолатли бошқарув билан энг аввал уйғунлаштириладиган масалага айланган. Чунки, кўряпмиз, замонавий урушлар энди танклар сони билан эмас, технологик устунлик билан ҳал бўлмоқда. Дронлар, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, разведка, юқори аниқликдаги тизимлар – буларнинг барчаси илмга сармоя натижаси...
Учинчидан, профессионал ва замонавий армия. Юқорида ёздим, энди армия кучини сон эмас, сифат ҳал қилмоқда. Тезкор бошқарув, кучли ҳаво мудофааси, замонавий техника бугун ташқи душманни реал тийиб турувчи омиллар бўлиб қолди.
Бас, давлатларни энди ички адолат ва халққа ҳисобдор юритиладиган оқилона ташқи сиёсатгина сақлаб қола олади”, – деб хулосаларини баён қилган И.Сафаров.
“Бугун кечаси, шундай муборак ой бўлишига қарамай, яна дунёнинг баъзи бурчакларида болалар ширин тушлар оғушида эмас, сиреналар ва портлашлар садосидан чўчиб уйғонишади. Улар тунни қўрқув билан, эртани эса омон қолиш умиди билан қарши олишга мажбур. Эртага баҳор бошланади, аммо қўрқув ундан илгарироқ етиб келди.
Қўрқиб турган болани ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳеч қандай сиёсат, ҳеч қандай сабаб, ҳеч қандай куч ва ҳеч қандай ғалаба бола кўзларидаги даҳшатни оқлай олмайди! Агар болалар осмондан келаётган садодан қўрқса, демак, инсоният ерда ўз йўлини йўқотган, минг афсус!..” – дея таассуф изҳор қилди шоир ва таржимон Аъзам Обид.