Бу ҳақда DW хабар бермоқда.
Европа Иттифоқининг Лотин Америкасидаги аксарият давлатларни ўз ичига олган Меrcosur савдо блоки билан тузаётган келишувига қарши европалик фермерларнинг Брюсселда бўлиб ўтган намойиши тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.
Нашрнинг хабар беришича, Еврокомиссия ва Европарламент бинолари жойлашган Брюсселнинг Европа кварталида намойишчилар тўсиқларни бузиб ўтишга уринди, гулханлар ва пиротехника воситаларини ёқди, кўздан ёш чиқарувчи газ пуркади ҳамда полициячиларга картошкалар улоқтирди.
"Полиция намойишчиларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланган. Тартибсизликлар фонида хавфсизлик нуқтайи назаридан Европарламент ходимлари бошқа биноларга кўчирилди, уларга деразаларга яқинлашмаслик тавсия этилди", дея ёзмоқда DPA.
Брюсселда бўлиб ўтаётган ЕИ саммитида, жумладан, Евроиттифоқ ва Лотин Америкаси давлатлари ўртасидаги савдо келишуви масаласи муҳокама қилинмоқда. Фермерлар ушбу келишувга қарши чиқмоқда, чунки улар арзонроқ импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан рақобат кучайишидан, шунингдек, ЕИ субсидиялари қисқаришидан хавотирда.
Намойиш ташкилотчилари унда 10 минг нафар иштирокчи қатнашганини билдирган бўлса, Брюссел полицияси намойишчилар сонини тахминан 7 минг киши деб баҳолади.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен норозилик акцияси вакиллари билан учрашиб, ЕИ европалик фермерлар манфаатларини ҳисобга олишда давом этишини билдирган.